НОВОҚЕЪ МУҲИТ САРҲАДЛАРИДАГИ ЁЛҒИЗЛИК


Б и р г а п б и л а н а й т г а н д а, китоб пештахталарини хом-хатала ёзилдиқлар чинакамига забт этган, кимлар учундир китоб ёзиш писта чақишдай, сақич чайнашдай осон машғулотга, эрмакка айланган, сўз санъатига муҳаббатли инсонлардан бирининг эътирофи янглиғ “Ўтирса роман, турса қисса, юрса ҳикоя ёзиб қўядиганлар” урчиган, не-не улкан дарахтларнинг баҳосиз умрига зомин бўлиниб, бемисл қоғозлар уюми қора этилаётган бир чоғда, ёзувчи ва таржимон Шарифжон Аҳмедовнинг маррани баланд олгани шунда намоён бўладики, “Бир тушнинг эврилишлари” дея исмланган биринчи китоби эрта эмас, кеч эмас, нақ эллик ёши миёнасида рус ёзувчиси Андрей Платоновнинг “Жон”, Аргентина адиби Хорхе Луис Борхеснинг “Ал-Муҳтасимга яқинлашув” асарлари ўзбекчага ўгирмаси билан баробар дунё юзини кўрди ва муаллиф учун китоблари ибтидоси умрининг қай фурсатида босма табоққа олинишининг фарқсизлигини, адабиёт аталмиш бу кўҳна саройга кириш эмас, мангу қолиш муҳимлигини дадил исботлаб берди – сўзга, воқеага, ҳаётга ўзгача нигоҳ қатламлари ушбу мураккаб йўлдаги машаққатли қадамларни қатъийлаштирди – бир қарашда ғайритабиийдек кўринадиган мазкур битикларни жонажон адабиётимизда буткул янгилик десак адабиётимизнинг, янгилик эмас десак муаллифнинг ҳақи кетиб қоладигандек эди, боиси, бунгача, воқеа-ҳодисаси белгиланган хос чизиқлар доирасида рўй берадиган анъанавий ижод муҳитини ёриб биргина насрда Темур Пўлатов, Мурод Муҳаммад Дўст (“Галатепага қайтиш”), Хуршид Дўстмуҳаммад, Аҳмад Аъзам (“Рўё ёхуд Ғулистонга сафар”), Олим Отахон, Ғаффор Ҳотам, Мирзакалон Жўраев, Тўхтамурод Рустам, Назар Эшонқул, Шодиқул Ҳамро, Саломат Вафо, Мурод Човуш, Улуғбек Ҳамдам (“Ёлғизлик”), Умид Яъқуб (“Тўлқинлар унутган тош”) каби муаллифлар ўзгача асарларини кенг китобхонлар оммасига ҳавола этиб улгурганди – Шарифжон Аҳмедов “рутубатли ва дилгир оламнинг бефайз манзаралари эмас, билъакс, новоқеъ воқеликнинг, бошқа бир оламнинг ҳали кўплар билмаган, кўникилмаган манзаралари эҳтирос ва муҳаббат билан муқаррар этилажак”лиги (“Тўртинчи қаватдаги…” ҳикоясидан) ваъдаси ила ғалати ёзмишлари сероб ўша муҳташам сафдан ўзига муносиб ўринни банд этди – гарчи мутолаа асносида, бағритош кентча лаҳжада “Окаси, инсоф билан-да энди, Буэнос-айреслик китобхўрга шайдоликнинг ҳам ҳад-ҳудуди бўлиши керак-ку ахир…” деган ўйлар кўнгил қатларидан бодраб чиқса-да, умрининг иккинчи ярмини кўзи ожизликда ўтказган ва зинҳор-базинҳор мутолаадан тўхтамаган, ғариб бу оламни улкан кутубхона дея тасаввур этиб, адабий дунёни абадий асарлар билан бойитган Борхес тақлидчиси дегимиз келмайди – қўлида олис ва серқуёш ўлкаларнинг цитрусини тутган одамдан ўша меваларнинг хуш бўйи таралиши табиий-да, Шарифжон Аҳмедов ҳам Лотин Америкаси адабиёти тадқиқи билан жиддий шуғулланар, шундай экан, кенглик қилмаслик инсофдан эмас – буни муаллифнинг ўзи эътироф этгани каби ҳикоядан таваллуд топган мувозий ҳикоя тарзида изоҳласа тўғрироқ бўлар эҳтимол – эканки, Борхес “Хотирагўй Фунес” ҳикоясида “башарият ибтидосидан бошлаб ер юзида яшаб ўтган барча бандалар хотираларидан ҳам мўлроқ” хотирага эга образни уйқу ҳавзаларида, ниҳоят, ором топиш учун ўзини, атрофда кечаётган борлиқни тамоман унутишни, уйқусизликдан халос бўлиш умидида қоғозда гавдалантираркан, Шарифжон Аҳмедов ўша ҳикоя бошида Иренео Фунес қўлида тутиб турган аллақандай уқубатгулга диққат қаратиб, у ҳақда катта бир ҳикоя (“Хонамдаги уқубатгул”) ёзиб юборганига нима дейсиз (айни ўринда, мозийкашлик куллиётида ўқиб юрарканмиз, дунё кўрган устозимизнинг “Биз тарихни ибтидоийдан тортиб, шу кеча-кундузги икир-чикирларигача ўрганамиз, гўёки ўтмишда кечган ҳамма нарсадан бохабармизу, аслида ҳеч бирини тузук-қуруқ билмаймиз, бунинг ўрнига улкан мозийнинг яширин хазиналари заррамисол мисқолини, хусусан, буткул йўқолиб, ном-нишон қолмагану, бироқ ўз пайтида дами даврни титратган кельтлар байроғиними, ё ўзимизда, кутилмаган ва катта ислоҳотга қўл урган Абдуллахон II зарб эттирган олтин тангалар ҳақида ўргансак, илмга кўпроқ нафимиз теккан бўларди”, деган сўзлари тарқоқ хаёл сарҳадларимизга бесўроқ қўшин тортиб келади), нишонимиздаги муаллиф “Хотирагўй Фунес”нинг акси ўлароқ, неки таассуротлари бўлса, барини шуурига жойлагувчи Иренеодан фарқли тарзда – бутун умрини, барча хотираларини унутиб юборишга маҳкум, энг сўнгида эса ҳатто яшаш ҳам ёдидан чиқажак бир кимса ҳақида ҳикоя битишини билдирадики, галдаги саҳифада ушбу аҳднинг исботи бўй кўрсатади – бирваракайига “мен”, “сен” ва “у” тилидан эгаси айтилмай баён қилинган “Бир бемор воқеаси”да кечиккан инфантилизм билан эртаки деменциянинг қанақадир қоришмасига чалинган қаламкаш бу дунёга бирор-бир хотирасини ҳам қолдиришни истамагандек жимгина қазо қилади – “бемор” томирларини пайпаслаган дўхтирнинг дейишича: “Неки бўлса, барини беомон унутиб борган беморимиз охири нафас олиб яшаш кераклигини ҳам тамом эсидан чиқарибди”; бўлдими, муаллифнинг адабий истаклари сабаб бир инсон умри шунчаки поён топиб кетаверадими – қизиғи ҳам шундаки, ўша “бемор” бир вақтлар, борлиқда сунбула ҳукмрон чоғларда узуқ-юлуқ хаёлларини бир тизимга солишга уриниб, анҳор ёқалаб бораркан, кўпдан бери безовта қилаётган, ички оқимлари тизгинга солинса, тузук ҳикоя бўлажаги хаёл қилинган битиклар ҳақида ўйларди: ўзи билан бақамти яшаган мардикор сўзлаб берган воқеалар силсиласида бобокалон – бандаи солиҳ Филарету Емельян Пугачёв бош кўтариши, Наполеон босқинидан декабристлар қўзғолонига қадар, ялангоёқлар алвон байроқ кўтариб ҳокимиятга келиши, тош шаҳарнинг ер силкинишидан вайрон бўлишига доир кечмишлар акс этган ва буларнинг барчаси авлод тақдирида муҳим роль ўйнарди; буюк мақсадлар йўлида курашиб, эътиқоди софлигини сақлаш кўйида ҳатто оловга ташланишларига ҳам рози ота-боболарнинг вориси ароққа ружу қўйиб, уйсиз-бошпанасиз дайдига айланган, аслиятига қайтишга бир неча бор урингану уддасидан чиқолмаганди – ушбу тафсилотлар исроф қилинмасдан қолган гап “Лера-Ларивон” ҳикоясида ривож олади; умуман, бунақаси – кичик воқеа-ҳодиса ҳамда қаҳрамонлар кечмишини ўзга асарларда равнақ эттириш тажрибаси дунё сўз санъатида, хусусан, ўз адабиётимизда ҳам учрайди, дейлик, “Галатепага қайтиш”даги саодатманд Ғайбаров “Истеъфо”да ноёб китоб топиб бергани фонида ўзи истаган ҳаётга қай бир маънода эришгани ифода этилса, шу асарда бўй кўрсатиб кетадиган, “Дашту далаларда” куёв навкарларга қўшилиб келинникига борган ва қиздан қуруқ қолган шўрқудуқлик йигитларнинг ғайирлиги сабаб отилган тошдан боши ёрилган Ғуччи чол “Бир тойчоқнинг хуни”да асосий қаҳрамонга айланади; бинобарин, Шарифжон Аҳмедов ўз ҳикоялари баробарида Борхес асарларидаги кичик элементларни ривожлантириш хусусида ўйлайди: аргентиналикнинг “Колриж туши” ҳикоясида инглиз шоири Сэмюэл Тэйлор Колриж тушида намоён бўлган достон – “Қубла Хон”ни қоғозга туширар асносида эшик тақиллаб қолади ва шоир хизматкори чорловига кўра ташриф эгасига жавоб бериб, ишининг давомига қайтиб англайдики, тушнинг умумий манзараси кўриниб турса-да, саккиз-ўн мисрадан бошқа барча сатрлар дарё юзасидаги ҳалқалар янглиғ ғойиб бўлибди; хўш, унинг мўъжизавий тушини қоғозга туширишига халақит берган ким эди, одатий ўқувчи бунга у қадар эътибор қилмай “Эҳ, чакки бўпти-да” деган хаёлда галдаги сатрлар аро кўз югуртириб кетаверади, муаллифимиз эса “Porlockдан келган одам” номли ҳикоя битиб, Колриж хаёлларини пароканда этиб синоатли достон қоғозга туширилишига халақит берган одамга тўн бичади: у шунчаки газлама сотувчи ва айни пайтда қаламидан назмий сатрлар тўкилгич кимса эди, ашъорларини шу яқин-атрофда қўним топган катта шоирга кўрсатиб, баҳо олмоқчи бўлганди, у қаерданам билсин биргина эшик тақиллатиши сабаб ўзи ва назардан чекка қишлоғи номи адабий сарҳадлардан муқим жой олишини; ёки бўлмаса, Олим Отахоннинг “Тўртинчи қаватдаги сарғиш дераза” ҳикояси таъсирида “Тўртинчи қаватдаги…”ни битар экан, “умидсизлик ичра бир умид ваъдаси билан якун топган ушбу ҳикоя” асосида янги асар яратишни муддао этади муаллиф: “Бу шундай ҳикоя бўладики, аслият қаҳрамонининг оромини бузиб, унинг бутун хаёлини ўғирлаган тўртинчи қаватдаги ўша сарғиш дераза ичкарисига қадам қўямиз ва ана ўша ичкарида йиллар давомида қамалиб олганча энди ташқарини кузатамиз”; айни ният манзарасини “Яланглик соҳиби”да кўрамизки, бу ерда нечук аргентиналик китобхўр кўринмаяпти, деб турган чоғимизда, воқеалар аро китобдорга берилган қўлёзмалар, қарангки, Борхеснинг “Алиф” асари муқовасига солиб келтирилган экан (!); умуман, муаллиф инсон руҳияти тафтишини сўз санъати имкониятлари, ҳали “очилмаган қўриқ”лар бисёрлиги билан, инсон тафаккури, дунёга ўзгача нигоҳ билан қараш орқали очиб беришга интилишини эътироф этмаслик мумкин эмас; адибимизга хос яна бир услуб шундай эканки, Борхес номи билан ўқувчини авраб, Аргентинанинг бошқа бир адиби Хулио Кортасар йўлларидан олиб ўтишнинг маҳорат билан уддасидан ҳам чиқаркан: оддий мисол, “Хонамдаги уқубатгул”да бош қаҳрамоннинг, асл ватани Жанубий Америка бўлган, ўзаро муҳорабалардан ҳориган ҳиндулар уйқудори ва тинчлантирувчи малҳамлар тайёрлаган, мутаассибона кайфият сабабидан Исо масиҳ изтироблари тимсолига айланган пассифлора деган гулга шайдолик савдолари Хулио Кортасарнинг “Аксолотл” ҳикоясидаги амблистомлар наслидан бўлган, ацтекларга хос шапалоқдек пушти юзи мексикалик эканини тасдиқлаб турган, бир қарашда инсонга ҳам ўхшайдиган, ҳам ўхшамайдиган ғаройиб балиққа бўлган ҳадсиз мухлисликни беихтиёр эсга солади; “Бир бемор воқеаси” эса Кортасарнинг “Ҳамшира Кора” ҳикояси эгизаги дейсиз гўё – олмошлар, воқеаларнинг навбатма-навбат “мен”, “сен” ва “у” тилидан ҳикоя қилиниши бунга асос беради: Кортасар-ку ҳикояда мутлақо “инсоф” қилмайди, олмошлар равишини ҳеч бир ишорасиз, на абзац, на бир тиниш белгисиз олиб кетаверади, Шарифжон Аҳмедов эса сўзловчиларни алоҳида-алоҳида ажратиб кўрсатади ҳартугул ва олмошлардаги ана шу “тартиб” “Тўртинчи қаватдаги…” ҳикоясида ҳам давом этади; айтишларича, Борхеснинг китоб ҳақида фикр юритилмаган бирор асари йўқ экан, Шарифжон Аҳмедовда эса барча воқеаларни туш ва унинг эврилишлари бирлаштириб туради, яна денг, ҳамма ҳикоялар марказида ёлғиз инсон туради – “Хонамдаги уқубатгул” дейсизми, “Бир бемор воқеаси”, “Лера-Ларивон”, “Porlockдан келган одам”, “Яланглик соҳиби” – барида тақдир олдидаги танҳо кишиларни, аслида азалий ҳақиқатни кўрамиз, ё бўлмаса, бир гал чумоли бўлиб, бир гал одам бўлиб ёзадиган ёзувчиям, тамаки тутунига қасида битадиган қаламкаш ҳам юқоридаги тоифадан хорижда эмас; инсон ёлғиз бўлганида ҳар турли фикрлар ўз томонига оғдиришга интилаверади, шунданми, кўп ўринларда матн оқимига асосий урғу берилиб, воқеа кучи сусайиб қолгандек ҳам туюлади ўқувчига, Достоевский романларида эшик тақиллатиб биров кириб келишидан юрак ҳовучлаб турамиз-ку, кимдир келдими, ана энди камида 15-20, бўлмаса 30-40 бетли хонанишин суҳбатлар муқаррар деяверинг; якдил эътироф эса шуки, “Бир тушнинг эврилишлари” китоби бошидаги дастлабки ҳикоялар қалбга тиним билмаётган денгиз тўлқинлари янглиғ таъсир этса, “Борхесга мухаммаслар” туркуми сокин, тинч оқимда ўзи билан янги манзиллар сари олиб кетади – Португалия билан андижонликлар “пўртаҳол” дейдиган мева ўртасида не боғлиқлик бор, Минотавр нега ўзини қатл этишга келган кимсага ҳеч қандай қаршилик кўрсатмади, ёинки эврилган тушларда аксланган шўроларнинг Бобил минораси ҳақида ғаройиб матнларни кўрасиз; бир қадар машаққатли кечган мутолаадан сўнг китобни ёпаркансиз, дунё кўзингизга аллақандай ўзгача, недир янги сир-синоатларга тўла кўринишда намоён бўла бошлайди, буни ифодалаш шакллари ҳам ўзгарганини дабдурустдан пайқаб қоласиз ва ўша аснода ичингизда бир ҳукм янграйдики, ғаройиб услубдаги ушбу китоб ҳақида айтиладиган гаплар кўп ва якуний ва яккаш нуқтани қўйишга ҳали анча вақтли…

Бекзод ЎКТАМ

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan