Нашриёт

«Akademnashr НММ» нашриёти 2004 йили ташкил топган. Маърифий, адабий-бадиий, илмий ва илмий-оммабоп, ижтимоий-публицистик ва ҳуқуқий адабиётлар, луғатлар, плакатлар нашр этишга ихтисослашган.

Бугунги кунда Ўзбекистондаги нашриётлар орасида ўз ўрни ва овозига эга «Akademnashr» мазмунан етук, шаклан сифатли китобларни оммага тақдим этишга интилиб келмоқда. Аввалбошданоқ ноширчиликнинг асрий анъаналарига содиқ ўлароқ олий, таъбир жоиз бўлса, академик даражадаги китоблар яратишни кўзлаб иш бошлаган ташкилотга «Akademnashr» деган ном тасодифан қўйилмаган. Сифат, профессионализм, тезкорлик – ана шу учлик фаолиятимизнинг асосини ташкил қилади.

Шу пайтгача «Akademnashr» илмий, адабий, маърифий, публицистик йўналишдаги юзлаб китобларни оммага тақдим этиб улгурди. Айниқса, сўнгги йилларда ташкилот шиддат билан ривожланмоқда. Масалан, 2010 йили 40, 2011 йили 94 номдаги китоб чоп этилган бўлса, 2012 йилга келиб бу кўрсаткич 100 дан ошди. Китобларимизнинг мазмун-мундарижаси ва бетакрор дизайни илмий, адабий доиралар ва кенг жамоатчилик томонидан ижобий баҳоланади.

Нашриёт олдига улкан мақсадларни қўйган. Улардан бири «Жаҳон адабиёти дурдоналари» рукни остида дунёнинг энг машҳур муаллифлари асарларини ўзбекчага таржима қилиб чоп этишдир. Шу кунларда Жеймс Жойс, Сомерсет Моэм асарлари нашр этилиш арафасида.

Бундан ташқари, «Akademnashr» нашриёти оригинал макет тайёрлаш, матбаа дизайни, визитка, таклифнома, буклет, брошюра, хабарнома, канцелярия ва бланк маҳсулотларини чоп этиш каби хизмат турларини ҳам тақдим этади.

Мулкчилик шакли – МЧЖ.

Лицензия №134. 27.04.2009 йилда берилган.

 

Таҳрир:

  • муаллифдан ўтиб кетган хатоларни тўғрилаш;
  • ифоданинг аниқ ва равшанлигини таъминлаш;
  • материалдаги фактларнинг тўғрилигини текшириш ва қўлёзмани ноаниқликлардан холи этиш;
  • тил ва услуб ғализлигини йўқотиш.

 

 

Корректура

Матндаги имло, пунктуация хатоларини аниқлаш ва тўғрилаш. У икки вазифани ўз ичига олади:

  1. қўлёзма аслига тўғри келмайдиган, матнни териш жараёнида йўл қўйилган хатоларни тўғрилаш (харфларнинг тушиб қолиши, ўрни алмашиши, тиниш белгиларини ишлатишдаги хатолар ва ҳоказо);
  2. қўлёзмада муаллиф йўл қўйган имло хатоларни топиш ва тузатиш.